in

Ўзбекистонда 2027 йилда АҚШнинг икки телешоуси суратга олиниши мумкин

Тошкент, Ўзбекистон — 2027 йилда Ўзбекистонда Американинг The Amazing Race ва Expedition Unknown телелойиҳаларининг янги сонлари суратга олиниши мумкин. Бу борадаги дастлабки келишувларга Лос-Анжелесда бўлиб ўтган American Film Market доирасидаги музокаралар чоғида эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабар берди.

Тадбир 2026 йил 10–15 ноябрь кунлари бўлиб ўтди. Ўзбекистон миллий стенди ва делегациянинг музокаралари икки теледастурни мамлакатда суратга олиш имкониятларини муҳокама қилиш учун асос бўлди.

Ўзбекистон вакиллари The Amazing Race лойиҳаси яратувчилари Бертрам ван Мюнстер ва Элиза Доганери билан учрашди.

Томонлар 2027 йилда лойиҳанинг янги сонларини Ўзбекистонда суратга олишни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.

The Amazing Race телешоуси 2001 йилдан бери АҚШнинг CBS телеканалида намойиш этиб келинмоқда. Ушбу формат турли мамлакатларга саёҳат қилиш ва мусобақавий топшириқларни бажаришни бирлаштиради. Иштирокчилар сафар давомида диққатга сазовор жойлар, маданият ва маҳаллий анъаналар билан танишади.

2027 йилда дастур ўзининг 25 йиллигини нишонлайди. Ҳозирга қадар унинг 39 мавсуми эфирга узатилган. Лойиҳа 15 та «Эмми» мукофотига сазовор бўлган ва ушбу мукофот учун 108 марта номзод сифатида кўрсатилган.

Делегация, шунингдек, «Эмми» мукофотининг икки карра лауреати, Expedition Unknown теледастури продюсери Аарон Шунховен билан ҳам музокаралар ўтказди. Учрашувда 2027 йилда дастурнинг янги сонларини Ўзбекистонда суратга олиш имкониятлари муҳокама қилинди. Учрашув якунида томонлар дастлабки келишувларга эришди.

Expedition Unknown теледастури 2015 йилдан бери Discovery телеканалида намойиш этиб келинмоқда. Дастур бошловчиси Жош Гейтс дунё бўйлаб саёҳат қилиб, қадимги цивилизациялар, тарихий жумбоқлар ва археологик сирларни ўрганади.

Ўзбекистонда суратга олиш ишларининг ташкил этилиши мамлакатнинг қадимий шаҳарлари, тарихий-маданий мероси ва археологик ёдгорликларини халқаро аудиторияга намойиш этиш имконини беради.

Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, The Amazing Race телешоуининг дастлабки 30 мавсуми 89 та мамлакатда суратга олинган. Дастур формати 12 дан ортиқ мамлакатда мослаштирилган. 2025 йилда 38-мавсумнинг биринчи сони премьерасидан кейинги дастлабки уч кун ичида телевидение ва стриминг платформалари орқали 4,01 миллион томошабинни жалб қилган.

2026 йил ҳолатига кўра, Expedition Unknown теледастурининг 17 мавсуми эфирга узатилган. 2025 йилда дастур «Саёҳат ва саргузаштлар ҳақидаги энг яхши теледастур» номинациясида Daytime Emmy мукофотига сазовор бўлган. 2026 йилда лойиҳа яна ушбу мукофотга номзод сифатида кўрсатилган.

Туризм қўмитасида Ўзбекистоннинг халқаро телелойиҳаларда иштирок этиши хорижий аудиториянинг мамлакат ва унинг маданий меросига бўлган қизиқишини оширишини кутмоқда. Бу, шунингдек, туристик йўналишларни тарғиб қилиш ва хорижий сайёҳлар сонини кўпайтиришга хизмат қилиши мумкин.

American Film Market доирасида Ўзбекистон делегацияси бошқа хорижий продюсерлар ва режиссёрлар билан ҳам учрашувлар ўтказди.

Томонлар халқаро медиа-лойиҳалар истиқболлари ва келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон миллий стенди Президент Администрацияси ҳузуридаги Контент тайёрлаш маркази ва Туризм қўмитаси томонидан АҚШнинг Next Field International компанияси кўмагида ташкил этилди.