Тошкент, Ўзбекистон — Навоий вилоятининг Нурота туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ва 150 МВт қувватли энергия сақлаш тизими ишга туширилди. Лойиҳа қиймати 390 млн долларни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Лойиҳа Хитойнинг China Energy Overseas Investment компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Уни амалга ошириш доирасида объектларда 30 та доимий иш ўрни яратилди.
Қуёш станцияси ҳар йили 657 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, бундай ҳажм бир йил давомида қарийб 273 мингта хонадонни электр энергияси билан таъминлаш учун етарли.
Мажмуанинг ишга туширилиши табиий газдан фойдаланишни ҳам қисқартириш имконини беради. Йилига 175 млн куб метр газ тежалиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ҳар йили атмосферага 377 минг тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинади.
Янги энергетика мажмуаси таркибига қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда электр энергиясини жамлаш учун мўлжалланган 150 МВт қувватли энергия сақлаш тизими киради.
