Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитасида карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш, молиявий-иқтисодий йўналиш, шунингдек, комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат масалаларига масъул бўлган тўрт нафар раис ўринбосари тайинланди.
Жамшид Урунов карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича раис ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Бизнес-омбудсман ўринбосари лавозимида ишлаган.
Хуршид Раҳматуллаев молиявий-иқтисодий йўналиш бўйича раис ўринбосари лавозимини эгаллади. Тайинловга қадар у «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.
Фурқат Жалилов Қўмита раисининг ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Президент Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаменти бош инспектори лавозимида фаолият юритган.
Элёр Талабоев комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат масалалари учун масъул бўлган раис ўринбосари лавозимига тайинланди.
Янги тайинловлар Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитасининг бошқарув тизимини шакллантириш билан боғлиқ. Қўмита фаолияти, жумладан, 2026 йил 21 июлдаги 396-сон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тартибга солинади.
Ҳужжат билан Қўмита тўғрисидаги низом ҳамда Қўмита ҳузуридаги Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланган. Бу ҳақда norma.uz хабар берди.
Қўмита озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, фитосанитария ва ветеринария масалаларини тартибга солиш ҳамда назорат қилиш учун масъул бўлган ягона мустақил ижро этувчи орган этиб белгиланган. У бевосита Президент ва Вазирлар Маҳкамасига, шу жумладан, инвестициялар, экспорт, савдо, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш йўналишларига масъул бўлган бош вазир ўринбосарига ҳисобдор.
Қўмитанинг вазифаларидан бири ягона автоматлаштирилган ахборот платформасини ишга туширишдан иборат бўлади. У сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда риск-таҳлил асосида рискларни бошқариш ва назоратни амалга оширишни таъминлаши керак.
Шунингдек, аҳолини хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида тезкор хабардор қилиш ва уларни қайтариб олиш учун электрон тизим яратиш кўзда тутилган.
Қўмита ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган, бюджетдан ташқари Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.
У Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш жамғармаси негизида шакллантирилган.
Жамғарма молиялаштириш манбалари қаторида озиқ-овқат бизнеси операторларидан, озиқ-овқат маҳсулотларининг янги турлари, озиқ-овқат қўшимчалари, кимёвий моддалар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатдан ўтказишдан олинган маблағларнинг 100 фоизини ўтказиш назарда тутилган.
Яна бир манба Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини назорат қилиш чегара инспекцияси хизматларидан олинадиган маблағларнинг 100 фоизи бўлади.
Бундан ташқари, Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва ветеринария препаратлари маркази хизматларидан тушган маблағларнинг тегишли қисми чегирилгандан кейин қоладиган маблағларнинг 80 фоизи Жамғармага йўналтирилади.
Молиялаштириш, шунингдек, санитария-эпидемиологик хулосалар бериш ва озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини махсус экспертизадан ўтказиш бўйича давлат хизматлари учун йиғимлар, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, ветеринария ва фитосанитария соҳаларида лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари учун тўловлар ҳисобидан шакллантирилади.
