Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентда икки мамлакатнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтиришга бағишланган II Ўзбекистон — Беларусь туристик форуми бўлиб ўтди.
Тадбир 26 ноябрь куни CAEx кўргазма марказида Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида ўтказилди.
Форум Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Беларусь Миллий туризм агентлиги томонидан ташкил этилди. Унда икки мамлакатнинг тегишли ташкилотлари, авиакомпаниялари ва туризм соҳаси вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолатини муҳокама қилди ҳамда 2027–2028 йилларга мўлжалланган устувор ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олди.
Санаторий-курорт, соғломлаштириш, тиббиёт, овчилик ҳамда маданий-тарихий туризмга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, томонлар авиақатновлар кўламини кенгайтириш, ўзаро туристлар оқимини кўпайтириш ва Ўзбекистон ҳамда Беларуснинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш имкониятларини кўриб чиқди.
Форумдан сўнг B2B форматида ишбилармонлик учрашувлари бўлиб ўтди. Туроператорлар, санаторийлар, меҳмонхоналар ва авиакомпаниялар вакиллари туристик пакетлар нархи, маркетинг воситалари, сотув каналлари ҳамда транспорт қатнови қулайлиги юзасидан фикр алмашди.
Тадбир доирасида Беларусь туроператорлари танишув сафари билан Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрди. Улар Тошкент вилоятида Чимён ва Чорвоқ сув омборида бўлди, шунингдек, Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этди.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги биринчи туристик форум 2024 йил 12–13 сентябрь кунлари Минск шаҳрида бўлиб ўтган.
