in

Ўзбекистон йўл соҳасига 20 миллиард доллар жалб қилишни режалаштирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Президент Шавкат Мирзиёев Автомобиль йўллари қўмитасининг илмий-амалиёт марказида транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказмоқда.

Давлатимиз раҳбари иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларига мос равишда транспорт тизимини ҳам ривожлантириш, соҳага катта ҳажмда инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, аниқ натижаларга эришиш зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги ўн йилда йўл соҳасига 80 триллион сўм ажратилиб, 7 минг километр йўл қайта қурилди, 125 минг километр йўл таъмирланди. Йўл инфратузилмасини ривожлантиришга хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш, соҳага 20 миллиард доллар маблағ олиб кириш имконияти мавжуд.

Ҳозирда умумий қиймати 5,6 миллиард доллар бўлган, жами 593 километрлик пулли йўлларни қуриш бўйича 5 та лойиҳага киришилган. Тошкент – Самарқанд йўналишида 2,2 миллиард долларлик йўл қурилиши бошланган, Тошкент – Ангрен йўналишидаги 1,6 миллиард долларлик лойиҳа бўйича тендер жараёнлари якунига етмоқда.

Мутасаддиларга Тошкент – Чорвоқ, Самарқанд – Бухоро йўналишлари ва Тахтақорача довонидаги йўллар бўйича жами 1,8 миллиард долларлик лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини якунлаб, инвесторларга тақдим этиш топширилди.

Йўл ва кўприклар қурилишига тадбиркорларни кенг жалб қилиш бўйича янги имкониятлар яратилади. Ҳозирга қадар ҳудудларда умумий қиймати 4 миллиард долларлик 131 та лойиҳа таклифи тайёрланган.

Ҳокимларга бир ой муддатда ҳар бир ҳудудда 1-2 тадан йўл ва кўприкни белгилаб, уларни қуриш, сақлаш ва бошқариш шарти билан инвесторларга таклиф этишни бошлаш топширилди.

Бундай лойиҳалар хусусий секторга техник-иқтисодий асослари билан бирга тайёр пакет шаклида тақдим этилади.

Йўллар бўйида савдо ва сервис объектларини ташкил этиш ҳуқуқи ҳам инвесторларнинг ўзига берилади. Бу каби лойиҳалар ҳар бир туманда бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Бугунги кунда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 6,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яқинда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Урганч – Тупроққалъа йўли бўйича лойиҳага старт берилди.

Келгуси йилда Жаҳон банки билан М-41 йўлининг Сурхондарё вилоятидаги 97 километр қисмини, Осиё тараққиёт банки билан А-380 йўлининг Қашқадарёдаги 100 километр қисмини реконструкция қилиш бошланади.

Шунингдек, Ислом тараққиёт банки билан А-373 йўлининг Сирдарёдаги 37 километр қисмини, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан эса М-37 йўлининг Бухоро ва Навоий вилоятларидаги 69 километр қисмини реконструкция қилишга киришилади.

Президентимиз йўл соҳасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган халқаро молия ташкилотларига миннатдорлик билдирди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл қурилиши бўйича малакали мутахассислар, йирик маҳаллий пудратчи ва муҳандислик-консалтинг компаниялари шакллангани, замонавий техника билан таъминлаш борасида ҳам катта имкониятлар яратилгани таъкидланди.

Халқаро молия институтларига маҳаллий мутахассисларни дунё миқёсидаги йирик лойиҳаларга муҳандис-консультант сифатида жалб қилиш, йўл қурилишида тажриба орттирган компанияларимизни хорижий тендерларда иштирок этишга тайёрлаш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш таклиф этилди.

– Бизга бугун арзон қурилиб, эртага яна буджетдан пул талаб қиладиган йўл эмас, узоқ йил хизмат қиладиган сифатли йўл керак,– деди давлатимиз раҳбари.

Полимер битумдан тўғри технология асосида фойдаланиш йўлнинг хизмат муддатини 3-4 йилга узайтириш,юқори ҳароратга чидамлилигини ошириш ва такрорий таъмирлаш харажатларини камайтириш имконини беради.

Келгуси йилнинг март ойидан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 50 минг тонна полимер битум ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Йил якунига қадар ишлаб чиқариш қувватини камида 100 минг тоннага етказиш топширилди.

Урганч – Хива пулли йўлининг асфальт-бетон қопламасида илк бор геотекстил материали қўлланилди. Ушбу технология юкламани тенг тақсимлаш, қопламани деформациядан сақлаш ва йўлнинг хизмат муддатини 4-5 йилга узайтиришга хизмат қилади.

Мутасаддиларга полимер битум ва геотекстил технологияларидан фойдаланишни йўл қурилиши стандартларига киритиш вазифаси қўйилди.

Келгуси йилдан халқаро аҳамиятдаги йўлларни қуриш ва реконструкция қилишда мазкур талаб мажбурий бўлади, кейинчалик давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларга ҳам татбиқ этилади.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли ишга тушиши билан юк ташиш ҳажми 10 карра ошиб, йилига 15-16 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Давлатимиз раҳбари миллий темир йўл инфратузилмасини шунга мос равишда ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда темир йўлларнинг 25 фоизи тўлиқ қувватда, 15 фоизи эса ортиқча юклама билан ишламоқда.

2030 йилгача 545 километр янги темир йўл линияларини қуриш, электрлаштирилган йўллар улушини 65 фоизга, электропоездлар паркини 31 тага етказиш режалаштирилган.

Келгуси йилда Ангрен – Поп темир йўл линияси модернизация қилинади, ушбу йўналишда иккинчи линия қуриш масаласи ҳам кўриб чиқилади. Апрель ойидан Тўқимачи – Ангрен йўналишида иккинчи темир йўл қурилиши бошланади.

Шунингдек, Тошғузор – Қумқўрғон участкаларининг модернизацияси якунланади, Андижон – Хонобод ва Қумқўрғон – Қудуқли йўналишлари тўлиқ электрлаштирилади, Тошкент – Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги линия қуришга киришилади.

Президентимиз халқаро молия ташкилотлари ва инвесторларни умумий қиймати 8 миллиард долларлик мазкур лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга чақирди.

Юк вагонларига бўлган талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Шу боис, вагонлар паркини ҳар йили 5-6 мингтага кўпайтириш зарур.

Бунинг учун тадбиркорларга қатор енгилликлар яратилади.

Хусусан, юк вагонларини импорт қилиш қўшилган қиймат солиғидан озод этилади. Темир йўл линиясидан фойдаланиш тўловига 20 фоизгача чегирма берилади. Халқаро юк ташиш учун маҳаллий вагонларни тақдим этишда қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланилади.

Президентимиз Жаҳон банки билан биргаликда темир йўл соҳасида янги тариф сиёсати ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Мутасаддиларга 2027 йилдан ушбу сиёсатни босқичма-босқич татбиқ этишни бошлаш топширилди. Келгуси йилдан ҳар бир йўналиш бўйича темир йўл линиясидан фойдаланиш, локомотив ва вагон учун тўловлар алоҳида кўрсатиладиган тизимни жорий этиш вазифаси қўйилди.

 

Янгиликлар янгиланмоқда