Тошкент, Ўзбекистон — Хитойнинг Циндао шаҳрида Фарғона–Хитой савдо-инвестиция маркази очилди. Унинг фаолияти Фарғона вилояти маҳсулотларини Хитой бозорига олиб чиқиш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашишга қаратилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Марказ «Хитой – ШҲТ» маҳаллий савдо-иқтисодий ҳамкорлик намойиш ҳудуди майдонида жойлашган.
Марказнинг очилиши Фарғона вилояти делегациясининг Хитойнинг Шаньдун провинциясига ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Ташриф давомида вилоят вакиллари Циндао ва Цзинань шаҳарларида музокаралар ўтказди.
Циндаода ташкил этилган бизнес-форум доирасида Hisense Group, Tronvex Machinery, Shandong Luqiao Group, Modu House компаниялари ҳамда темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи завод вакиллари билан B2B учрашувлар бўлиб ўтди.
Учрашувларда телекоммуникация ва мобил алоқа, юқори аниқликдаги CNC дастгоҳларини ишлаб чиқариш, ирригация ва йўл қурилиши учун темир-бетон конструкциялар тайёрлаш, автомобиль йўллари ва кўприклар барпо этиш, шунингдек, модулли бинолар қуриш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Цзинань шаҳрида делегация Хитой Халқаро савдога кўмаклашиш кенгашининг (CCPIT) провинция ва шаҳар қўмиталари вакиллари билан кенгайтирилган музокаралар ўтказди.
Учрашувларда Фарғона вилоятининг экспорт ва инвестиция салоҳияти ҳамда истиқболли лойиҳалари тақдим этилди. Тадбиркорлар, шунингдек, Shandong Linxuan Import-Export, Shandong Hu Xin, Jinan Aoli ва бошқа корхоналар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар якунида Фарғона вилояти ҳокимлиги Цзинань шаҳри Халқаро савдога кўмаклашиш қўмитаси ва Qingdao SPB GALAXY CULTURE компанияси билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Бағдод тумани ҳокимлиги эса LINK-WORLD IMP & EXP компанияси билан меморандум тузди.
Томонлар Цзинань тадбиркорларининг Фарғона вилоятига ташрифини ташкил этиш, уларга ҳудуднинг инвестиция имкониятларини тақдим қилиш ҳамда ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди. Шунингдек, Фарғона вилояти делегациясининг Шаньдун провинциясидаги бизнес-форумларда иштирокини таъминлаш режалаштирилган.
Музокараларнинг алоҳида қисми қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишланди. Цзинань шаҳрида делегация Shandong Oakes Animal Husbandry чорвачилик мажмуасига ташриф буюриб, немис технологиялари асосида сут ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнлари билан танишди. 180 гектар майдонда жойлашган мажмуада 6 мингдан ортиқ соғин сигир парваришланади. Ҳар бир сигирдан кунига 45–50 литр сут олинади.
Корхонада йогурт, кефир ва бошқа сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Компания вакиллари билан Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида замонавий чорвачилик мажмуаларини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Корхона таъсисчилари Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёр эканини билдирди. Томонлар доимий алоқани йўлга қўйиш ва лойиҳалар бўйича ишчи гуруҳ шакллантиришга ҳам келишиб олди.
Jinan Yimin Animal Pharmaceutical компанияси раиси Ван Тао билан чорва моллари касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда Фарғона вилоятида ветеринария препаратлари ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, делегация Jinan Xinsan Plastic Industry корхонасида биологик парчаланувчи мульчалаш ва иссиқхона плёнкалари ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. 2003 йилда ташкил этилган компания 12,87 гектар майдонни эгаллайди ва йилига 60 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Ташриф иштирокчилари бундай маҳсулотларни Фарғона вилоятидаги фермер ва иссиқхона хўжаликларида қўллаш истиқболлари, шунингдек, уларнинг тупроқ унумдорлиги ва экологик ҳолатга таъсирини кўриб чиқди.
Хитойлик инвесторларга вилоятдаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг имкониятлари, шунингдек, вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган хитойлик инвесторларни қўллаб-қувватлаш маркази фаолияти ҳам тақдим этилди.
