in

БМТТД ва Ўзбекистон биоxилма-xилликни сақлаш ҳамда иқлим масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фудзии Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг ўринбосари Жусипбек Казбеков билан учрашди.

Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биоxилма-xилликни сақлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорликни давом эттириш ниятини тасдиқлади.

Музокаралар давомида Арманистонда бўлиб ўтган БМТнинг Биоxилма-xиллик бўйича 17-конференцияси (COP17) якунланганидан кейин биоxилма-xилликни асраш ва экотизимларни тиклашга қаратилган қўшма ташаббусларни янада ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Томонлар «Оролбўйи сув-ботқоқ ҳудудлари» ва ECOLAND ташаббусларини, шунингдек, Биоxилма-xилликни сақлаш бўйича миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.

Оролбўйи ҳудудига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ерда нозик сув-ботқоқ ҳудудларини муҳофаза қилиш, таназзулга учраган экотизимларни тиклаш, ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш биоxилма-xилликни асраш ҳамда маҳаллий ҳамжамиятларнинг турли хавф-хатарларга бардошлилигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, Туркияда бўлиб ўтадиган COP31 иқлим конференциясига тайёргарликни ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги қўшма ташаббусларни мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқди.

Томонлар табиатни муҳофаза қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш соҳаларида узоқ муддатли натижаларга эришиш учун ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.