in

Тошкентда ШҲТнинг универсал хавфсизлик маркази ташкил этилади

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича Универсал марказни ташкил этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилди.

Битим 2025 йил 1 сентябрда Тяньцзинь шаҳрида имзоланган. Унга мувофиқ, Тошкент шаҳрида ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси негизида Универсал марказ ташкил этилади.

Янги марказ таркибига, шунингдек, Ахборот хавфсизлиги маркази ва Бишкек шаҳрида жойлашган Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш маркази ҳам киради.

Марказнинг асосий вазифалари ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида ахборот алмашиш, хавфсизликка таҳдидларни биргаликда таҳлил қилиш, қўшма тадбирлар ва амалий машғулотларни ташкил этиш, шунингдек, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни мувофиқлаштиришдан иборат бўлади.

Битимда марказнинг ҳуқуқий мақоми, бошқарув тизими, молиялаштириш тартиби ҳамда ташкилотга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш механизмлари белгиланган.

Марказни ташкил этиш зарурати ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва ахборот хавфсизлигига таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш вазифаси билан боғлиқ.