Тошкент, Ўзбекистон — Халқаро футбол федерацияси (FIFA) 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтадиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг расмий брендини тақдим этди.
Мусобақанинг «Сен ўйинни шакллантирасан» (U Shape The Game) шиори ёш футболчиларни ўз истеъдодини намоён этишга ва футбол тарихида ўз изини қолдиришга илҳомлантиришга қаратилган.
Бренд концепцияси ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг иқтидорли футболчилар ўз қобилиятларини намоён этиши, халқаро тажриба орттириши ва жаҳон миқёсида ўзини танитиши мумкин бўлган майдон сифатидаги аҳамиятини таъкидлайди.
Расмий эмблема асосида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг маданий меросига оид элементлар ётади.
Миллий нақшлар ва мозаика мотивлари анъанавий безаклар, геометрик шакллар ҳамда ёрқин ранглар уйғунлиги орқали замонавий кўринишда ифодаланган.
Эмблеманинг марказий элементи — услублаштирилган «U» ҳарфи. У ёш футболчиларнинг ўз келажагини мустақил шакллантириш ва футбол ривожига таъсир кўрсатиш салоҳиятини англатади. Ранглар палитрасида кўк-яшил, яшил, бинафша ва қизил туслар қўлланилган бўлиб, улар икки мамлакатни ягона визуал концепцияда бирлаштиради.
FIFA бош котиби Маттиас Графстрём ўз мамлакати байроғи остида жаҳон чемпионатида иштирок этиш ёш футболчи фаолиятидаги муҳим ютуқлардан бири эканини таъкидлади.
Мусобақа, шунингдек, турли ўйин услублари билан танишиш, янги муҳитга мослашиш ва бошқа мамлакатларнинг кучли тенгдошлари билан майдонда куч синашиш имконини беради.
Унинг сўзларига кўра, FIFA Ўзбекистон ва Озарбайжон билан биргаликда иштирокчилар ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши ва унутилмас тажрибага эга бўлиши учун зарур шароитларни яратишни мақсад қилган.
Бренд тақдимотига бағишланган тадбирлар икки мамлакат пойтахтларида ўтказилиши режалаштирилган. Мусобақага тайёргарлик жараёнида расмий эмблема Боку ва Тошкентнинг диққатга сазовор объектларида намойиш этилади.
Озарбайжон футбол федерациялари ассоциацияси (AFFA) президенти Ровшан Нажаф чемпионат ёш футболчиларга халқаро майдонда ўзини кўрсатиш, янги тажриба орттириш ва спорт фаолиятида муҳим қадам ташлаш имконини беришини таъкидлади. Шунингдек, у мусобақа мухлисларнинг футболга бўлган қизиқишини ошириши ва ёш истеъдодларнинг ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Ирматов мусобақанинг Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказилиши икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаши ҳамда бутун дунё футбол мухлисларининг эътиборини жалб этишини қайд этди.
2027 йилги U-20 жаҳон чемпионати мусобақанинг 25-мавсуми бўлади. У 1977 йилда Тунисда ўтказилган илк ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 50 йиллиги нишонланадиган йилга тўғри келади.
Турли йилларда ушбу мусобақада кейинчалик жаҳон футболи юлдузларига айланган Диего Марадона, Лионель Месси ва Эрлинг Холанд каби футболчилар иштирок этган.
2027 йилги чемпионат ёш футболчиларга ўзини намоён этиш, мухлисларга эса жаҳон футболида келажакда юлдузга айланиши мумкин бўлган иқтидорларни томоша қилиш имконини беради.
