in

Ўзбекистон Сенати дахлсизликни қўллаш тартибини маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон — Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Муҳокама борасида таъкидланганидек, амалдаги қонунчиликда тегишли мақомга эга бўлган шахсларнинг дахлсизлиги оид нормалар турли соҳавий қонунларда тарқоқ ҳолда мавжуд бўлиб, уларни қўллашда ягона процессуал тартибнинг йўқлиги амалиётда муаммоларни келтириб чиқараётган эди.

 Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги ва бошқа қонунларга муҳим  тузатишлар киритилмоқда.

Жумладан, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар янги боблар билан тўлдирилиб, дахлсизликка эга шахслар доираси (депутатлар, судьялар, Омбудсман, прокурорлар, комплаенс хизмати ходимлари, адвокатлар ва бошқалар) аниқ тизимлаштирилди.

Ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш, розилик олиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш, тинтув ва тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишнинг ваколатли субъектлари ва қатъий тартиби белгиланмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу Қонун мансабдор ва тегишли мақомга эга шахсларни асоссиз таъқиб ва босимлардан ҳимоя қилиш, уларнинг ўз хизмат вазифаларини мустақил бажаришини таъминлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида суиистеъмолликнинг олдини олишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида Сенат аъзолари Қонунни маъқуллади.