Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ADM Global компанияси томонидан тақдим этилган DOST бренди остидаги биринчи миллий автомобиль лойиҳаси билан танишди.
Тақдимот давлат раҳбарининг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган «Янги Ўзбекистон» университетига ташрифи доирасида ўтказилди.
Ташриф давомида Президент ADM техник лабораториясига борди. Бу ерда талабалар ADM Jizzakh автомобиль заводи муҳандислари билан биргаликда автомобилни ишлаб чиқишда иштирок этмоқда.
Миллий автомобиль брендини яратиш Ўзбекистон автомобиль саноати ва мамлакатнинг ўз муҳандислик салоҳиятини ривожлантиришдаги навбатдаги қадам бўлиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳа ташқи чекловларга боғлиқликни камайтириш, ўз техник ечимларини кенгроқ жорий этиш ва маҳсулотни ривожлантиришда мустақилликни ошириш имконини бериши кутилмоқда.
ADM Jizzakh мамлакатдаги биринчи хусусий кўп брендли автомобиль заводи ҳисобланади. Халқаро брендлар автомобилларини ишлаб чиқариш тажрибаси ва мавжуд ишлаб чиқариш базаси ўз бренди остида автомобиллар яратиш ва кейинчалик ишлаб чиқариш имконини беради.
Айни пайтда ADM келажакдаги модель концепциясини ишлаб чиқмоқда ва ишлаб чиқариш майдонини тайёрламоқда. Биринчи босқичда DOST енгил тижорат транспорти сегментида тақдим этилади.
Бу миллий брендга бўлган талабни баҳолаш, маҳсулот ва маркетинг ечимларини синовдан ўтказиш ҳамда енгил автомобиль яратишга тайёргарлик кўриш имконини беради. Компания енгил DOST автомобилининг биринчи прототипини келаси йил бошида намойиш этишни режалаштирмоқда.
Лойиҳанинг алоҳида йўналиши муҳандислик салоҳиятини ривожлантиришдан иборат. ADM Global Ўзбекистон автомобиль саноати учун кадрлар тайёрлашга тизимли равишда инвестиция киритмоқда.
Холдинг кўмагида «Янги Ўзбекистон» университети базасида таълим, илмий-тадқиқот ишлари (R&D) ва ишлаб чиқаришни бирлаштирувчи муҳандислик экотизими шакллантирилмоқда.
Таълим модели дунёнинг етакчи автомобиль ишлаб чиқарувчилари стандартларига асосланиб, фундаментал тайёргарликни реал муҳандислик вазифалари устида ишлаш билан уйғунлаштиради.
Талабалар ўз билимларини амалиётда қўллаб, ADM муҳандислари билан биргаликда миллий автомобиль яратиш жараёнида иштирок этмоқда.
