in

Ўзбекистон ва Туркманистон транспортни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йил 13 август куни Ўзбекистон транспорт-логистика соҳаси вакиллари иштирокида Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Шадурди Мередов билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувчилари уюшмаси вакиллари, миллий ташувчилар ҳамда транспорт-экспедиторлик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Музокараларда ҳайдовчилар учун визаларни электрон тарзда расмийлаштириш ва тўловларни оптималлаштириш, Фарап–Олот чегара ўтиш жараёнларини такомиллаштириш, навбат ва кутиш муддатларини қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тез бузиладиган юклар учун алоҳида коридор ташкил этиш, нейтрал ҳудудда иккинчи кўприк қуриш, Туркманбоши порти орқали автомобиль ва темир йўл ташувларини жадаллаштириш, вазн-габарит чекловларини қайта кўриб чиқиш ҳамда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни тиклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Туркман томони билдирилган таклифларни кўриб чиқиш ва тегишли давлат органларига етказишга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашув якунида икки давлат ўртасидаги транспорт-логистика алоқаларини янада ривожлантириш ва ташувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.