in

Ўзбекистон ва Озарбайжон қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил 10 июнь куни «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан Озарбайжон Туркия Савдо Маркази (Türk Ticaret Merkezi) Бошқарув кенгаши раиси жаноб Йилмаз Окуклу билан музокаралар ўтказилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, қурилиш материаллари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналари маҳсулотларини намойиш этиш ва тарғиб қилиш мақсадида Озарбайжон Туркия Савдо Маркази (Türk Ticaret Merkezi) ҳудудидан савдо майдонлари ва шоурумлар ажратиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларини Озарбайжон бозорига олиб чиқиш, икки давлат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, B2B учрашувларини ташкил этиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.