Тошкент, Ўзбекистон — 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) Сиёсат масалалари бўйича директори Керолин Вик бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, DFC билан стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Музокараларда Қўшма инвестиция платформасини шакллантириш, истиқболли лойиҳаларни саралаб олиш ва уларни молиялаштириш механизмларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, транспорт, соғлиқни сақлаш ва коммунал инфратузилма соҳаларидаги устувор лойиҳалар ҳамда уларни амалга оширишда DFCнинг иштироки бўйича фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, қўшма ташаббусларни илгари суриш ва истиқболли лойиҳалар юзасидан амалий ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.
