in

Ўзбекистон ва Швеция бизнес ҳамкорлигини кучайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент шаҳрида ИССВ вазири ўринбосари Акрам Алиев ҳамда Швеция ташқи савдо бўйича давлат котиби Диана Янсе иштирокида Ўзбекистон-Швеция давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли тадбир дипломатлар, вазирлик ва идоралар ҳамда Sandvik, ABB, Elekta, AstraZeneca, SKF ва Ericsson каби етакчи компания вакилларини бир даврага жамлади.

Учрашувда Ўзбекистон иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришлар, хусусан, 2025 йил якунларига кўра мамлакат ялпи ички маҳсулоти 147 миллиард долларга етгани ҳамда 150 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб этилгани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, 2030 йилга бориб республика иқтисодиёти ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш режалаштирилгани таъкидланди.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 6200 турдаги маҳсулотни Европа бозорларига божхона божларисиз олиб кириш имконини берувчи «GSP+» тизимидан самарали фойдаланиш ҳамда Швеция бизнесининг 80 миллионлик аҳолига эга Марказий Осиё бозорига чиқиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишлари қаторида “Tashkent Pharma Park” кластеридаги лойиҳалар билан фармацевтика тармоғи, инвесторлар учун 2040 йилгача солиқ имтиёзлари кўзда тутилган АТ соҳаси, шунингдек, тоғ-кон саноати ва 2030 йилга қадар «яшил» энергетика улушини 54 фоизга етказиш мақсад қилинган энергетика сектори қайд этилди.

B2B ва B2G форматидаги учрашувлар якунида иштирокчилар биргаликдаги инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалий ишларга киришишга келишиб олдилар.