Тошкент, Ўзбекистон — BYD COMPANY LIMITED компанияси автомобили Ўзбекистон Адлия вазирлигида саноат намунаси сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бу маҳсулотнинг ташқи кўринишига саноат дизайни объекти сифатида ҳуқуқий муҳофаза тақдим этилишини англатади.
Саноат намунаси маҳсулотнинг ташқи кўринишини белгилаб берувчи бадиий-конструкторлик ечими ҳисобланади.
У интеллектуал мулк объектларидан бири бўлиб, маҳсулотнинг техник вазифасини эмас, балки айнан эстетик хусусиятларини ҳимоя қилади.
Ҳуқуқий муҳофаза олиш учун саноат намунаси янгилик ва ўзига хослик мезонларига жавоб бериши лозим.
Янгилик деганда унинг муҳим белгилари мажмуаси ариза топширилган санадан олдин омма учун очиқ манбаларда маълум бўлмаслиги тушунилади. Ўзига хослик эса дизайннинг ноёб ижодий хусусиятга эга бўлишини назарда тутади.
Саноат намунасини рўйхатдан ўтказиш унинг эгасига дизайндан фойдаланиш бўйича мутлақ ҳуқуқ беради ҳамда ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз уни нусхалаш ёки учинчи шахслар томонидан фойдаланишни тақиқлайди.
Қайд этилишича, саноат намунасини рўйхатдан ўтказиш учун аризани Адлия вазирлигининг расмий портали — im.adliya.uz орқали топшириш мумкин.
