in

Хитойнинг Ecopioner компанияси Фарғонада шамол электр станцияси лойиҳасини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “Ecopioneer Storage Hk Science & Technology Limited” компанияси раҳбари Мин Зунцянни қабул қилди.

Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Бу эса икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизда шаклланган қулай инвестиция муҳити хорижий сармоядорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Хусусан, Фарғона вилоятида фаолият юритаётган хитойлик инвесторлар сони йил сайин ортиб бораётгани қайд этилди. 

Мулоқот давомида компания томонидан таклиф этилаётган шамол электр станциясини ташкил этиш лойиҳа таклифи бўйича фикр алмашилди.

Вилоят ҳокими истиқболли ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдириб, компаниянинг замонавий технологиялар ва энергияни сақлаш соҳасидаги бой тажрибаси лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутишлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув якунида келгусидаги чора-тадбирлар белгилаб олинди ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.