in

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш лойиҳаси бошланди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда мослаштирилган иссиқхоналар ташкил этиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий интеграция қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича лойиҳа бошланди. Ташаббус 24 ойга мўлжалланган бўлиб, олтита ихтисослаштирилган таълим муассасасида амалга оширилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

22 сентябрь куни Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев «Мослаштирилган иссиқхоналар орқали ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий интеграция қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш» лойиҳасининг расмий ишга туширилишига бағишланган тадбирда иштирок этди.

Лойиҳа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Ташаббуснинг асосий вазифаси ногиронлиги бўлган шахсларни қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб этиш, муносиб иш ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, амалдаги иссиқхоналарни уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда мослаштириш орқали ижтимоий интеграцияга кўмаклашишдан иборат.

24 ой давомида лойиҳа Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Олмалиқ, Фарғона ва Самарқанддаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларини қамраб олади. Ташаббус доирасида иссиқхоналар ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилади, иштирокчилар қишлоқ хўжалиги соҳасида амалий кўникмаларга эга бўлади ва ишга жойлашиш бўйича ёрдам олади.

Шунингдек, тўпланган тажрибани ҳисобга олган ҳолда кейинчалик мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўллаш мумкин бўлган амалий моделни шакллантириш режалаштирилмоқда.

Тадбирда ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилган иссиқхоналарни лойиҳалашнинг миллий стандартини ишлаб чиқиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги таълимини уларнинг эҳтиёжларига мослаштириш ва орттирилган тажрибани оммалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда келтирилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 845 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган шахс расман рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 532 минг нафардан ортиғи қишлоқ жойларда яшайди. Лойиҳа уларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш, даромад манбаларини кенгайтириш ва иқтисодий фаоллигини оширишга кўмаклашиши кутилмоқда.

Иштирокчилар, шунингдек, лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичидаги устувор чора-тадбирлар, масъул ташкилотлар ва ўзаро ҳамкорлик механизмларини муҳокама қилди. Белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ва ташаббус натижаларини келгусида кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.