in

Ўзбекистонда бошпанасиз шахсларга вақтинча турар жой берилади

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда муайян яшаш жойига эга бўлмаган фуқароларга вақтинча турар жой бериш тартиби тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 18 августдаги 447-сон қарори билан бундай шахсларни Вақтинча жойлаштириш ва ижтимоий реабилитация марказларига жойлаштиришнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда маҳаллаларда комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатувчи ижтимоий ходимлар муайян яшаш жойига эга бўлмаган фуқароларни мунтазам равишда аниқлаб боради. Қидирув кўчалар, вокзаллар, бозорлар, ер ости ўтиш жойлари, яшаш учун мўлжалланмаган бинолар ва бошқа жамоат жойларида амалга оширилади.

Аниқланган фуқароларга Вақтинча жойлаштириш ва ижтимоий реабилитация марказлари хизматларидан фойдаланиш таклиф этилади. Вояга етган, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар ҳам Марказга мустақил равишда мурожаат қилиши мумкин.

Агар фуқаронинг вояга етмаган фарзандлари бўлса, улар ота-онаси билан бирга жойлаштирилади.

Марказга қабул қилишдан олдин фуқаро туман ёки шаҳар даражасидаги тиббиёт муассасасининг шошилинч қабул бўлимида тиббий кўрикдан ўтади. Текширув натижасида шошилинч ёки зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қиладиган ва Марказда бўлишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар, шунингдек, юқумли касалликлар аниқланмаган тақдирдагина жойлаштиришга рухсат берилади.

Жойлаштириш учун фуқаро анкета тўлдиришга зарур бўлган маълумотларни тақдим этиши керак. Ушбу маълумотларни бериш Марказга жойлашиш ва белгиланган ички тартиб-қоидаларга риоя қилишга розиликни англатади.

Анкета расмийлаштирилганидан сўнг фуқаро Марказга етти кун муддатга жойлаштирилади. Маъмурий регламентда назарда тутилган айрим ҳолатларда Марказда қолиш муддати олти ойгача узайтирилиши мумкин.