in

Ўзбекистон МИДа Кореяда фуқаро вафотига изоҳ берди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Жанубий Кореяда яшаб келган Ўзбекистон фуқароси Ким Нозима Акмал қизи вафоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга изоҳ берди.

Вазирлик маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Сеул шаҳридаги элчихонаси воқеа содир бўлган пайтдан бошлаб Жанубий Корея ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда ҳамда воқеа ҳолатларини аниқлаш ва холис тергов ўтказилишини таъминлаш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Консуллик ёрдами доирасида марҳуманинг онаси Феруза Алимбекова элчихона ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари кўмагида Жанубий Кореяга таклиф этилган. Жорий йил 14 апрель куни у адвокати ва дипломатик ваколатхона вакиллари билан бирга Пхёнтэк шаҳри полицияси томонидан олиб борилаётган тергов жараёнида иштирок этган.

Жанубий Корея томони қўшимча текширув тадбирлари ва дастлабки тергов натижалари ҳақида маълумот тақдим этган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотига кўра, суд-тиббий экспертиза якунларига асосан зўравонлик билан ўлим белгилари аниқланмаган.

Шунингдек, қўшимча таҳлиллар, жумладан токсикологик текширув, қон таҳлили ва бармоқ излари текшируви ўтказилган. Полиция маълумотига кўра, заҳарли моддалар, дори воситалари, шунингдек ташқи ёки ички жароҳатлар излари аниқланмаган.

Учрашув давомида марҳуманинг онаси ва адвокатига унинг яшаш жойи атрофида ҳамда тиббий муассасалардаги камера кузатув тасвирлари намойиш этилган.

Пхёнтэк полицияси вакиллари тергов давом этаётганини, унинг якуний натижалари яқин қариндошларга етказилишини маълум қилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги элчихона вазиятни назоратда ушлаб тургани ва Корея томони билан ҳамкорликни давом эттираётганини таъкидлади. Шу билан бирга, фуқароларга текширилмаган ва нотўғри маълумотларни тарқатмаслик, марҳума хотирасига ҳурмат билан муносабатда бўлиш чақирилди.