in

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони меҳнат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Саудиядаги элчихонаси масъулларидан иборат делегация Саудия Арабистони Подшоҳлигида ҳамюртларимизни қонуний ва тизимли ишга жойлаштириш масалалари бўйича қатор учрашувлар ўтказди.

Саудия Арабистони Инсон ресурслари ва ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Ahmad Al-Sharqiy билан бўлиб ўтган мулоқотда меҳнат бозорининг янги стратегияси, хорижий ишчи кучини жалб қилишнинг замонавий механизмлари ҳамда меҳнат визаларини малака даражалари бўйича (бошланғич, ўрта, юқори) ажратиш тизими жорий этилгани маълум қилинди.

Учрашув якунида Миграция агентлиги ва Саудия Арабистони Меҳнат вазирлиги ўртасида қўшма ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишувга эришилди. Томонлар шунингдек, тиббиёт, қурилиш, туризм ва муҳандислик каби соҳаларда халқаро стандартларга мувофиқ Ўзбекистонда мутахассисларни тайёрлаш чоралари тўғрисида келишиб олдилар.

Ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари номзодлар учун малака имтиҳонларини ташкил этиш ва уларни Саудия Арабистонида ишга жойлаштиришнинг тизимли механизмини жорий этишни ўз ичига олади.

Шунингдек, Саудия Арабистонида хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва иш берувчиларни кадрлар билан таъминлашга ихтисослашган KDOT рекрутинг ташкилоти ҳамда йирик иш берувчилар билан юқори талабга эга касблар бўйича мақсадли таълим ва касбий тайёргарлик дастурларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.