Тошкент, Ўзбекистон — Uzcosmos агентлиги раҳбарияти ҳамда Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда космик технологияларни иқтисодиёт тармоқларига жорий этиш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хитойнинг космик соҳадаги илғор тажрибаси Ўзбекистон учун катта имкониятлар эшигини очади. Бу эса технологиялар трансфери ва янги билимларни ўзлаштиришга хизмат қилади.
Космик ҳамкорлик, аввало, реал соҳаларда ўз натижасини беради. Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни аниқ прогнозлаш, сув ресурсларини самарали бошқариш, экологик мониторингни кучайтириш, шаҳарсозлик ва инфратузилмани режалаштиришни яхшилашга эришилади.
Шунингдек, учрашувда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистоннинг илк илмий сунъий йўлдошини учириш ва биринчи фазогирини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, бу борадаги режалар ҳақида фикр алмашилди.
