Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида “Franklin Templeton” компанияси президенти ва бош ижрочи директори Женни Жонсонни қабул қилди.
Учрашувда йирик давлат корхоналарини трансформация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг дастлабки натижалари кўриб чиқилди.
Лондон ва Тошкент биржаларида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси акцияларининг жойлаштирилиши мамлакатимиз тарихидаги илк халқаро IPO бўлгани таъкидланди. Бунинг ҳисобига қарийб 700 миллион доллар маблағ жалб этилди, талаб таклифга нисбатан тўрт баравардан зиёдга ошди.
Кейинги босқичда жамғарма портфелидаги компанияларни трансформация қилиш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, хизматлар ишончлилиги ва сифатини яхшилаш кўзда тутилгани қайд этилди. Кейинги акцияларни жойлаштириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Йирик компанияларни IPOга тайёрлаш, уларнинг бошқарув кадрларининг малакасини ошириш ҳамда компаниянинг Тошкент халқаро молия маркази фаолиятида иштирок этиши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
