in

Ўзбекистонда қарийб 542 мингта ижара шартномаси рўйхатдан ўтказилди

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистонда солиқ органлари томонидан қарийб 542 мингта ижара шартномаси рўйхатдан ўтказилди. Идора маълумотларига кўра, ушбу шартномалар бўйича 438,8 млрд сўм солиқ ҳисобланган.

Энг катта улуш жисмоний шахслар ўртасида тузилган ижара шартномалари ҳиссасига тўғри келди. Жами 380,6 мингта шундай келишув асосида жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича 335,9 млрд сўм ҳисобланган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан рўйхатдан ўтказилган шартномалар сони 19,6 фоизга, ҳисобланган солиқлар суммаси эса 48,8 фоизга ошган.

Юридик шахслар ўртасида 161,3 мингта ижара шартномаси рўйхатдан ўтказилган. Улар бўйича 102,9 млрд сўм солиқ ҳисобланган. Йиллик ҳисобда рўйхатдан ўтган шартномалар сони 25,7 фоизга, ҳисобланган солиқлар ҳажми эса 27 фоизга кўпайган.

Солиқ идораси шунингдек, талабаларга уй-жой ижарага берувчи кўчмас мулк эгалари бундай ижарадан олинадиган даромад учун солиқ тўлашдан озод этилганини эслатди. 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида тақдим этилган мазкур имтиёз суммаси 37,7 млрд сўмни ташкил этган.

Ҳисобот даврида талабалар билан 79,5 мингтадан ортиқ уй-жой ижара шартномаси тузилган. Бундай шартномалар асосида ижарада яшовчи талабаларнинг умумий сони 110 497 нафарга етган.