in

Тошкент вилоятида 613 дона никотинли пакетча мусодара қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент вилоятида божхона органлари ходимлари қандолат маҳсулотлари қадоқлари ичига яширилган 613 дона никотинли пакетчани аниқлади.

Мусодара қилинган маҳсулотларнинг дастлабки баҳоланган қиймати 65 млн сўмни ташкил этади. Бу ҳақда Тошкент вилояти божхона бошқармаси хабар берди.

Тезкор тадбир тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Тошкент туманидаги контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилди.

«Навоий» чегара-божхона пости яқинида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кузатувида бўлган фуқаро бошқарувидаги «Damas» автомобили тўхтатилди.

Транспорт воситаси кўздан кечирилганда, никотинли пакетчалар турли қандолат маҳсулотлари қадоқлари ичидаги ширинликлар остига яширилгани маълум бўлди.

Жами 613 дона пакетча аниқланди. Божхона органларининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, уларнинг умумий қиймати 65 млн сўмни ташкил этади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.