Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил охиригача Тошкентда Yandex Lavka орқали озиқ-овқат маҳсулотлари, тайёр таомлар ва кундалик эҳтиёж товарларини автоном роботлар ёрдамида етказиб бериш хизмати йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Айни пайтда Yandex Uzbekistan роботларни зарур синовлардан ўтказмоқда ва уларни шаҳарда ҳаракатланишга тайёрламоқда.
Роботлар узунлиги икки километргача бўлган йўналишларда ишлаши кўзда тутилган. Йўналишларни танлашда буюртмани хизмат белгилаган муддатда етказиб бериш имконияти ҳам ҳисобга олинади. Фойдаланувчи буюртма расмийлаштираётганида унинг манзилга етиб келиш вақти ҳақидаги маълумотни илова орқали кўриши мумкин бўлади.
Роботлар пиёдалар тезлигида ҳаракатланади ва шаҳар муҳитида мустақил йўналиш топа олади. Бунинг учун улар лидар ва ультратовушли датчиклардан фойдаланади. Ҳисоблаш тизими атроф-муҳит ҳақидаги маълумотларни қайта ишлайди, светофор сигналларини танийди ва объектлар ҳаракатини олдиндан баҳолайди. Бу роботларга ҳаракат йўналишини танлаш, тўсиқларни айланиб ўтиш ва йўлни пиёдалар ўтиш жойларидан кесиб ўтиш имконини беради.
Ҳар бир робот олтита етакчи ғилдирак билан жиҳозланган. Улар баландлиги 10 сантиметргача бўлган бордюрлардан ва нотекис йўл қисмларидан ўтишга ёрдам беради. Yandex Uzbekistan маълумотига кўра, роботлар ёмғирли об-ҳавода ҳам ҳаракатлана олади.
Йўлдаги аксарият вазиятларни роботлар мустақил равишда ҳал қилади. Ностандарт ҳолатларда эса муаммони ҳал этишга масофадан туриб бошқарувчи оператор жалб қилинади. Компания йўловчиларга роботларни қўлда кўтариш ёки жойидан силжитишни тавсия этмайди. Қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилиш учун робот корпусига QR-код жойлаштирилган.
Пилот лойиҳа босқичидан кейин Yandex Uzbekistan роботлар орқали етказиб бериш хизматини босқичма-босқич кенгайтиришни режалаштирмоқда. Жумладан, роботларни экотизимнинг бошқа хизматларига ҳам жалб этиш ва ушбу технологияни ташқи компанияларга таклиф қилиш кўзда тутилган.
Лойиҳа тайёрланаётгани ҳақида 2026 йил июль ойида, Тошкент кўчаларида роботлар кўзга ташланганидан кейин маълум бўлганди. Ўшанда компания улар Yandex Lavka буюртмаларини етказиб бериш учун синовдан ўтказилаётганини тасдиқлаган.
