Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентда ДХХ бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда фуқарони хусусий олий таълим муассасасининг учинчи курсига ноқонуний тарзда қабул қилишга уринишни аниқлади. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Идора маълумотига кўра, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган, Тошкентда яшовчи фуқаро бошқа бир фуқаронинг ишончини қозониб, ундан 8 минг доллар талаб қилган. Эвазига у пойтахтдаги хусусий олий таълим муассасаларидан бирига учинчи курсга қабул қилишда ёрдам беришни ваъда қилган.
Схемани амалга ошириш учун гумонланувчи фуқаро гўёки икки йил давомида Россиядаги олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олганини тасдиқловчи сохта ҳужжатлардан фойдаланишни режалаштирган.
Эркак 7,5 минг доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг тезкор тадбирлар давом эттирилган.
Худди шу миқдордаги пулни олаётган вақтида Самарқанд вилоятида рўйхатдан ўтган ва Тошкентда вақтинча яшаб келган яна бир фуқаро ушланган.
Терговга қадар текширув давомида схемага Якасарой тумани ички ишлар бўлими инспектор-психологи ҳам алоқадор экани аниқланган. У ҳам 7,5 минг доллар олаётган вақтида ушланган.
Кўрсатилган шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
