in

Андижонда банк ходими 3,2 млрд сўмни ўзлаштирди

Тошкент, Ўзбекистон — Андижондаги банклардан бирининг ходими мижозлар ҳисобларидан 3,2 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштириб, ушбу пулларни 1xBet онлайн ўйинларида бой берган.

Бу ҳақда Андижон шаҳри Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлинмаси хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, банк ходими халқаро пул ўтказмалари учун мўлжалланган ҳисоблар билан ишлашга масъул бўлган.

У хизмат мавқеидан фойдаланиб, мижозлар маблағларини ўзининг халқаро банк картасига ўтказиб келган.

Тергов давомида аниқланишича, ходим ўзлаштирган пулларни 1xBet платформасидаги қимор ўйинларига сарфлаган. Етказилган зарар тахминан 250 минг долларга баҳоланмоқда.

Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари якунланганидан сўнг жиноят иши материаллари судга юборилди.