in

Бухоро вилоятида маст ҳолда автобус бошқарган ҳайдовчи ушланди

Тошкент, Ўзбекистон — Бухоро вилоятининг Ромитан туманида ЙҲХБ ходимлари томонидан 40 нафар боғча тарбияланувчисини олиб кетаётган автобус тўхтатилди. Текширув давомида ҳайдовчи маст ҳолатда экани аниқланди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, автобус ҳаракати зудлик билан тўхтатилган ва йўл хизмати ходимларининг тезкор ҳаракатлари туфайли болалар хавфсизлиги таъминланган.

Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисми, 194-моддаси 1-қисми ва 128 прим 8-моддаси 1-қисми бўйича маъмурий материаллар расмийлаштирилди.

Шунингдек, ҳайдовчи уч йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Мутасадди идорада маст ҳолда автомобиль бошқариш инсонлар ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф туғдириши, айниқса болаларни ташиш вақтида бу хавф янада юқори бўлиши таъкидланди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳайдовчиларни спиртли ичимлик истеъмол қилгандан сўнг руль ортига ўтирмасликка ва йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.