in

Ўзбекистон ва Япония молиявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки гуруҳининг 2026 йилги баҳорги йиғилишлари доирасида Япония Молия вазири Катаяма Сатсуки билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги молиявий-иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Томонлар макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўрта муддатли барқарор ўсишни рағбатлантириш йўналишларида ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Давлат молиясини бошқариш соҳасида замонавий ёндашувларни жорий этиш, жумладан, буджет ижроси жараёнларини рақамлаштириш, харажатлар назоратини кучайтириш ва тўлов тизимларини автоматлаштириш бўйича Япония тажрибасидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ғазначилик тизимини такомиллаштириш, давлат маблағлари ҳаракатини самарали бошқариш ҳамда ликвидликни прогнозлаш механизмларини ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Юқори технологиялар соҳасида, хусусан, микроэлектроника ва ярим ўтказгичлар саноатини ривожлантириш, илмий-тадқиқот, инновациялар ва саноат кооперациясини йўлга қўйиш истиқболли йўналишлардан бири сифатида қайд этилди.

Бундан ташқари, «яшил» иқтисодиёт ва экологик барқарорликни таъминлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган ташаббусларни илгари суриш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицион ҳамкорликни чуқурлаштириш, саноат, энергетика, транспорт-логистика ҳамда қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув якунида томонлар амалдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва истиқболли йўналишлар бўйича ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.