in

IT Park Uzbekistan Осиёдаги энг яхши билимлар зонаси деб топилди

Тошкент, Ўзбекистон — IT Park Uzbekistan Global Free Zones of the Year Awards 2026 халқаро мукофотининг «Йилнинг билимлар зонаси — Осиё-Тинч океани минтақаси» (Knowledge Zone of the Year – Asia-Pacific) номинациясида ғолиб бўлди.

Мукофот Financial Times Group таркибига кирувчи ихтисослашган нашр — fDi Intelligence томонидан ташкил этилади.

Ушбу мукофот Ўзбекистон технологик экотизимининг ривожланиши, халқаро компаниялар ва инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, рақамли соҳа учун мутахассислар тайёрлаш борасидаги натижаларни эътироф этади.

Global Free Zones of the Year Awards мукофоти ҳар йили дунёдаги иқтисодий зоналарни бизнес ва инвестицияларни жалб қилиш стратегияларининг самарадорлиги нуқтаи назаридан баҳолайди. 2026 йилда мукофот учта тоифани қамраб олди: саноат зоналари, билимлар зоналари ва истиқболли зоналар. Knowledge Zones тоифаси ахборот технологиялари, молиявий ва бизнес хизматлари ҳамда қўшилган қиймати юқори бўлган бошқа йўналишларга ихтисослашган ҳудудларни ўз ичига олади.

Рақамли кўникмаларни ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш

IT Park Uzbekistan фаолиятининг асосий йўналишларидан бири халқаро технологик бозор учун мутахассислар тайёрлаш бўлиб қолмоқда. Ташкилот маълумотларига кўра, One Million Uzbek Coders лойиҳаси доирасида 1,7 миллион нафар ёш таълим олган, Five Million AI Leaders ташаббуси эса 1,3 миллион кишини қамраб олган.

4 926 нафар ёш мутахассисга халқаро IT сертификатларини олишда кўмак кўрсатилган. Сертификатлаш ва таълим харажатларини қоплаш учун 18 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. IT-Talents дастури доирасида эса битирувчилари экспортга йўналтирилган IT компанияларига ишга жойлашадиган таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 3,17 млрд сўм ажратилган.

Рақамли компетенцияларни ривожлантиришга ICT4Girls ташаббуси, стартапларни инкубация қилиш дастурлари, миллий технологик танловлар ҳамда университетларда ташкил этилган 20 та сунъий интеллект лабораторияси ҳам ҳисса қўшмоқда.

Халқаро фаолиятни кенгайтириш

IT Park Uzbekistan маълумотларига кўра, унинг экотизими 4 100 дан ортиқ резидент компанияни, жумладан, хорижий капитал иштирокидаги 1 200 дан зиёд компанияни бирлаштиради. Ушбу компанияларда 56 мингдан ортиқ мутахассис иш билан таъминланган.

1 100 дан ортиқ экспортчи компания 102 та мамлакат бозорига хизматлар етказиб беради. Ташкилот маълумотларига кўра, ахборот-коммуникация технологиялари экспорти 1,1 млрд доллардан ошган.

Хорижий бизнесни жалб қилишга солиқ имтиёзлари, инфратузилмани ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик алоқалари ёрдам бермоқда. Бу шарт-шароитлар экспортга йўналтирилган технологик компаниялар учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Стартап экотизимининг халқаро эътирофи

Материалда Ўзбекистоннинг технологик тадбиркорлик соҳасидаги халқаро рейтингларда эришган натижалари ҳам қайд этилган.

StartupBlink Global Startup Ecosystem Index 2026 маълумотларига кўра, Ўзбекистон Country of the Year 2026 унвонига сазовор бўлган ва 227,3 фоизлик ўсиш кўрсаткичи билан дунёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизими сифатида эътироф этилган.

Икки йил ичида Ўзбекистон жаҳон рейтингида 31 поғона юқорилаб, 79-ўринни эгаллаган. Тошкент эса стартап шаҳарлари орасида 229-ўриндан жой олган.

Dealroom таҳлилий платформаси маълумотларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон стартап экотизимининг умумий баҳоланган қиймати 4,3 млрд долларга етган.

fDi Intelligence мукофоти Ўзбекистон технологик секторининг ривожланиши халқаро миқёсда яна бир бор эътироф этилганини кўрсатади. Бу жараёнда инвестиция сиёсати, рақамли инфратузилма ва малакали кадрлар тайёрлаш муҳим ўрин тутади.