in

IT Park Uzbekistan FLY ASIA 2026 кўргазмасида мамлакат стартапларини тақдим этди

Тошкент, Ўзбекистон — IT Park Uzbekistan Жанубий Корея Республикасининг Пусан шаҳрида бўлиб ўтган FLY ASIA 2026 халқаро кўргазмасида мамлакат стартаплар экотизимини тақдим этди.

Тадбир доирасида ташкилот вакиллари Жанубий Кореянинг 30 дан ортиқ IT-компаниялари ва венчур ташкилотлари, шунингдек, халқаро ҳамкорлар билан музокаралар ўтказди.

Тадбирнинг асосий натижаларидан бири Busan Startup Investment Agency (BSIA) билан ўзаро англашув меморандумининг имзоланиши бўлди. Келишув Ўзбекистон ва Жанубий Корея стартап экотизимлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда икки мамлакат технологик компанияларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.

Кўргазмада иштирок этиш ўзбекистонлик стартапларга ўз ишланмаларини халқаро инвесторларга тақдим этиш имконини ҳам берди.

Жумладан, IT Park Uzbekistan резиденти бўлган Datagaze компанияси FLY ASIA Awards танловида иштирок этиб, IR Pitching инвестиция питчинг сессияси доирасида ўзининг технологик ечимини намойиш қилди.

Венчур фондлари ва акселераторлар билан музокаралар

Series Ventures ва Headline Asia вакиллари билан музокараларда Ўзбекистоннинг технологик лойиҳаларига венчур капиталини жалб қилиш, шунингдек, маҳаллий стартаплар ва халқаро инвесторлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Indogen Capital билан учрашувда Ўзбекистон компанияларини Индонезия бозорига олиб чиқишда қўллаб-қувватлаш вариантлари кўриб чиқилди.

BCCEI ташкилоти билан стартапларнинг янги бозорларни ўзлаштириши ва маҳаллий ишбилармонлик муҳитига мослашишига ёрдам бериши керак бўлган ўзаро Soft Landing дастурларини ишга тушириш бўйича келишувга эришилди.

Бундан ташқари, IT Park Uzbekistan вакиллари T-Hub, Startup Island, Turning Point MEA ва InnoEx ташкилотлари билан музокаралар ўтказди. Томонлар ўзбек стартапларини Ҳиндистон, Тайвань, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё бозорларида илгари суриш истиқболларини муҳокама қилди.

Шунингдек, ўзбек IT маҳсулотларини Жанубий Корея бозорида тарқатиш учун SkalePLUS платформаси ва унинг ҳамкорлик тармоғидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Янги халқаро ҳамкорлик алоқалари

Кўргазма доирасида IT Park Uzbekistan АҚШнинг Fairfax County Economic Development Authority ташкилоти, Япониянинг Эҳиме префектураси, Таиланднинг InnoQuest ташкилоти ва IT Park Mongolia вакиллари билан ҳам учрашди.

Жанубий Кореянинг Mbas, Asak Korea ва C&M PLUS компаниялари билан музокараларда ишбилармонлик ва технологик ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

FLY ASIA 2026 кўргазмасида иштирок этиш янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва ўзбек технологик ечимларини хорижда илгари суриш механизмларини муҳокама қилиш учун майдон бўлди.

Имзоланган меморандум ва эришилган келишувлар стартаплар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда Ўзбекистон IT-компанияларининг халқаро бозорларга чиқиши учун асос яратади.