Тошкент, Ўзбекистон — IT Park Uzbekistan ва Academia Park London ўзбек стартапларини халқаро бозорларга чиқишида қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
IT Park Uzbekistan бош директори Азамат Қараматовнинг Academia Park London ҳаммуассиси ва бош ижрочи директори Ата Ардугер билан учрашуви ICT WEEK Uzbekistan 2026 доирасида бўлиб ўтди.
Муҳокаманинг асосий йўналишларидан бири ўзбек стартапларини Буюк Британия ва Туркияда илгари суриш имкониятлари бўлди.
Томонлар инвесторлар, технологик компаниялар ва салоҳиятли ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш, шунингдек, бизнеснинг янги бозорларга чиқиши учун soft landing механизмларини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.
Учрашув иштирокчилари London Hub ташаббуси доирасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари ва Туркия бозорига қизиқиш билдирган ўзбек стартаплари учун market-entry дастурини ишга тушириш имкониятини ҳам муҳокама қилди.
Технологик компанияларни халқаро тадбирларда, жумладан, Money20/20да иштирок этиши, шунингдек, бизнес-миссиялар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, томонлар келаси йили Туркияда Ўзбекистоннинг бешта стартапи иштирокида дастур ташкил этиш имкониятини кўриб чиқди.
IT Park Uzbekistan ва Academia Park London ҳамкорликдаги ташаббусларни аллақачон амалга оширмоқда. Academia Park 2025 ва 2026 йилларда Марказий Осиё мамлакатлари делегацияларининг London Tech Week тадбирида, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон стартапларининг иштирок этишига кўмаклашди.
Компания, шунингдек, 2026 йил апрель ойида IT Park Uzbekistan’нинг GovTech Summit саммитида иштирок этишига ёрдам берди. Academia Park кўмагида UZINFOCOM компанияси Money20/20 Europe тадбирида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Academia Park London 2023 йилда Лондонда ташкил этилган. Платформа ривожланаётган бозорлардаги стартаплар, scaleup компаниялар ва инновацион корхоналарга Буюк Британия ҳамда Европа бозорларига чиқишда кўмаклашади.
Тақдим этиладиган имкониятлар қаторига менторлик кўмаги, инвесторлар, корпоратив ҳамкорлар, иш инфратузилмаси ва бизнесни халқаро ривожлантириш дастурларидан фойдаланиш имконияти киради.
