in

Ўзбекистонда мобиль телефонлар импорти 19,2 фоизга ошди

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил январь–август ойларида Ўзбекистонга 3,26 миллион дона мобиль телефон импорт қилинди. Уларнинг умумий қиймати 653,5 миллион долларни ташкил этди.

Олиб кирилган қурилмалар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 527,2 минг донага ёки 19,2 фоизга ошди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.

Жорий йилда бир дона мобиль телефоннинг ўртача импорт қиймати қарийб 200 долларни ташкил этди.

2025 йилнинг саккиз ойида Ўзбекистонга умумий қиймати 305,7 миллион доллар бўлган 2,73 миллион дона мобиль қурилма олиб кирилган. Ўшанда бир дона телефоннинг ўртача қиймати 111,7 долларга тенг бўлган.

Шу тариқа, бир йил давомида мобиль телефонларнинг ўртача импорт қиймати 88,3 долларга ёки 79 фоизга ошган.

Ўзбекистонга мобиль телефон етказиб берувчи энг йирик давлат ҳануз Хитой бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, мобиль қурилмалар Вьетнам, Ҳиндистон, Корея Республикаси ва бошқа давлатлардан ҳам импорт қилинмоқда.