in

Ўзбекистон ва Қатар инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олди

Тошкент, Ўзбекистон — Вазир Лазиз Қудратов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Қатарга ташрифи доирасида 2026 йилги Жаҳон инвестиция форумида ҳамда Ўзбекистон–Қатар ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

Ташриф давомида Қатар ҳукумати ва етакчи Қатар компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказилди. Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш истиқболларини муҳокама қилди.

Асосий эътибор саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва минерал ресурсларни ўзлаштириш соҳаларидаги ҳамкорликка қаратилди. Шунингдек, Қатар капиталини Янги Тошкентдаги лойиҳаларга жалб қилиш, саноат кооперацияси ва транспорт йўлакларини ривожлантириш имкониятлари алоҳида кўриб чиқилди.

Томонлар давлат-хусусий шериклик асосида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, истиқболли ташаббусларни молиялаштириш механизмлари, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Ташриф якунлари бўйича инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва эришилган келишувларни амалда татбиқ этиш бўйича кейинги қадамлар келишиб олинди.