in

Ўзбекистон ва AzerSun қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантиришни муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон — Айни пайтда Озарбайжон Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов муҳим учрашувлар ўтказмоқда.

Хусусан, вазир “AzerSun Holding” компанияси раҳбарияти вакиллари — Тахир Гозел ҳамда Саваш Озжан билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги агросаноат ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.

Мулоқот марказида — амалий натижа, инвестиция жалб этиш ва технологиялар алмашинуви турди. Томонлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги аграр алоқаларни кенгайтириш, айниқса саноат даражасидаги қайта ишлаш лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича аниқ йўналишларни белгилаб олдилар.

Учрашувда алоҳида эътибор шакар саноатига қаратилди. Таъкидланишича, Ўзбекистонда йилига қарийб 1 миллион тонна шакар истеъмоли мавжуд. Шу нуқтаи назардан, “AzerSun Holding” томонидан замонавий ишлаб чиқариш ва логистика тизимларини ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.

Вазир ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон томони очиқ ва самарали музокараларга тайёр эканини билдирди. Бу эса яқин истиқболда йирик инвестицион лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратиши мумкинлиги қайд этилди.

Шунингдек, томонлар мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш, замонавий консервалаш технологиялари, ҳамда шарбат, жем ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштиришни кўриб чиқдилар. Бундан ташқари, аграр консалтинг хизматлари ва мутахассислар тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Қизиқарли жиҳати шундаки, “AzerSun Holding” вакиллари дастлабки босқичда инвестициядан кўра маслаҳат ва тажриба алмашинуви орқали ҳамкорликни бошлашга тайёр эканини таъкидладилар.

Учрашув якунида томонлар шакар саноатини ривожлантириш бўйича бизнес-режа ишлаб чиқиш, қўшма ишчи гуруҳлар тузиш ва янги инвестицион лойиҳаларни шакллантириш юзасидан келишувга эришдилар.