in

Ўзбекистон беш йилда ҳаво орқали юк ташиш ҳажмини 182 фоизга оширди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Марказий Осиёда ҳаво орқали юк ташиш соҳаси энг тез ривожланаётган бозорлардан бирига айланди. 2019–2024 йилларда мамлакатда ҳаво орқали ташилган юклар ҳажми 182 фоизга ошди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Ҳаво транспорти бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Назаров Тошкентда бўлиб ўтаётган Central Asia Air Cargo III халқаро авиация саммитида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон аэропортлари орқали 98 минг тонна юк ташилган. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса ҳаво орқали юк ташиш ҳажми яна 33 фоизга ошган.

Соҳанинг ривожланишига мамлакатнинг географик жойлашуви, «Очиқ осмон» сиёсати ҳамда авиация соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда Навоий халқаро аэропорти базасида юк хабини ривожлантириш, янги юк терминалларини қуриш ва халқаро авиакомпанияларни жалб қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мамлакатда ҳаво орқали юк ташиш бозорини янада кенгайтириш бўйича узоқ муддатли вазифалар ҳам белгиланган. Хусусан, 2036 йилга қадар ташиладиган юклар ҳажмини 300 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Ушбу мақсадга эришиш учун аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш, логистика имкониятларини кенгайтириш ва соҳада халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган.

«Ўзбекистон халқаро ҳаво орқали юк ташиш бозори иштирокчилари учун очиқ ва янги имкониятларни таклиф қилмоқда», — деди Жамолиддин Назаров.