Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошқарув раиси Хуршит Налли бошчилигидаги Туркиянинг Bademli кооперативи делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Алоҳида эътибор кўчатчиликни ривожлантиришга қаратилди. Хусусан, ҳосилдорлиги юқори ва экспортга йўналтирилган мева навларини етиштириш, кўчат материалларини импорт қилиш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.
Хайрулло Бозоров вилоятда бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шароит ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Bademli вакиллари кооперативнинг кўп йиллик тажрибасини инобатга олган ҳолда ўз таклифларини тақдим этди.
Жумладан, Туркия томони замонавий лабораториялар ташкил этиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва кўчатчиликни илмий ҳамда тизимли асосда ривожлантиришни таклиф қилди.
Фарғона вилояти ҳокими истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар мазкур йўналишда ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувларга эришди.
