Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон ва Жанубий Корея фармацевтика ишлаб чиқариши ҳамда биотехнологияларни ривожлантиришга қаратилган Smart Bio Cluster инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилди.
Лойиҳани амалга ошириш масалаларини Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Кореянинг хорижий инфратузилма ва шаҳарларни ривожлантириш корпорацияси (KIND) президенти Бок-хван Ким кўриб чиқди.
Ташриф доирасида Корея делегацияси кластерни ташкил этиш учун ажратилган 60 гектарлик ер майдонини кўздан кечирди. Учрашув иштирокчилари бўлажак мажмуа концепцияси билан танишиб, ҳудудни тайёрлаш, уни функционал зоналарга ажратиш, ишлаб чиқариш объектларини жойлаштириш ва зарур инфратузилмани барпо этиш билан боғлиқ амалий масалаларни муҳокама қилди.
Ташриф дастуридан Ўзбекистоннинг энг йирик фармацевтика компанияларидан бири — GrandPharm фаолияти билан танишиш ҳам ўрин олди.
Компания вакиллари делегацияга фаолиятнинг асосий йўналишлари, жумладан, фармацевтика логистикаси, маҳсулотларни илгари суриш, франчайзинг, маркетинг ва таълим дастурлари ҳақида маълумот берди.
Музокаралар лойиҳанинг кейинги босқичларини келишиб олиш ҳамда икки мамлакат ўртасида фармацевтика ва биотехнология соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди.
Smart Bio Cluster Ўзбекистон иқтисодиётининг тегишли йўналишларида замонавий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш майдони сифатида кўриб чиқилмоқда.
