in

Япония компанияси Фарғонада ипакчиликни ривожлантиришга қизиқди

Тошкент, Ўзбекистон — Япониянинг Trust Engineering Partners компанияси вакиллари Фарғона вилояти раҳбарияти билан ипак саноати соҳасида лойиҳа ишга тушириш имкониятини муҳокама қилди.

8 октябрь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров компания вакили Такэфуми Маюма бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Учрашувда асосий эътибор япон томонининг ипакчилик соҳасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифларига қаратилди.

Trust Engineering Partners вакиллари Ўзбекистонда, хусусан, Фарғона вилоятида фаолият бошлашдан манфаатдор эканини билдирди. Япония томони ипакчиликни ривожлантириш ва мамлакатнинг анъанавий ипак саноатини қайта тиклашга қаратилган лойиҳани амалга оширишни таклиф қилди.

Музокаралар давомида Фарғона водийси қадим замонлардан Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашгани, ҳудудда ипакчилик ва ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш анъаналари шакллангани таъкидланди.

Ҳозирги вақтда вилоятда соҳани ривожлантириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга қаратилган қатор лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.

Хайрулло Бозоров Фарғонада тўпланган тажриба ва ипакчилик соҳасидаги мавжуд салоҳият япон инвесторлари учун қизиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади. У янги лойиҳани амалга оширишда зарур кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар давлат-хусусий шериклик асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятини ҳам кўриб чиқди.

Учрашув якунида иштирокчилар минтақа салоҳиятини ўрганишни давом эттириш, «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва лойиҳани амалга оширишнинг босқичма-босқич тартибини белгилашга келишиб олди.