Тошкент, Ўзбекистон — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Приморье ўлкаси халқаро ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Константин Сидоренко билан ҳудудлараро ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди.
Учрашув Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг III йиғилиши доирасида «Фарғона Экспо» кўргазма мажмуасида бўлиб ўтди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, ҳудудлар ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди.
Асосий йўналишлардан бири Фарғона вилояти маҳсулотларини Россия бозорига олиб чиқиш бўлди. Хусусан, Приморье ўлкасида Фарғона вилояти маҳсулотлари учун савдо уйи ва савдо-тақсимот марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Бундай марказ орқали Фарғонадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қуритилган ва янги меваларни нафақат Россиянинг бошқа ҳудудларига, балки Вьетнам ва Хитой бозорларига ҳам етказиб беришни ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Учрашув иштирокчилари транспорт алоқаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Томонлар Фарғона ва Приморье ўлкаси ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, логистика, туризм ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар аниқ лойиҳалар устида ишлашни давом эттириш ҳамда эришилган келишувлар ва ташаббусларни амалий босқичга ўтказишга келишиб олди.
