in

Кореялик автомобиль ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистонда маҳаллийлаштиришни ўрганмоқдалар

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент шаҳрида ўтказилаётган “2026 Autoparts Exhibition and Biz-Meeting in Tashkent” халқаро кўргазмаси доирасида Корея Республикасининг етакчи автокомпонент ишлаб чиқарувчи компаниялари вакиллари «Ўзавтосаноат» АЖ ҳузуридаги Маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш марказига ташриф буюрди.

Ташриф давомида меҳмонларга Марказ фаолияти, автомобиль саноатида маҳаллийлаштириш жараёнларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш ҳамда янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, делегация аъзолари мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳаллийлаштирилган автомобиль бутловчи қисмлари ва хомашё намуналари билан танишиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг саноат салоҳияти ҳамда ҳамкорлик имкониятларини ўргандилар.

Тадбирда Autotop Co., Ltd., Boram Auto Co., Ltd., Carstation (JK Lube), D Only Automotive Co., Ltd., Drew C&C Co., Ltd., Eslink, Hansae Mobility Turan Co., Ltd., June Heung Filter, Korea Oil Seal Co., Ltd., Miral J&P Co., Ltd. ва SJ Tech компаниялари вакиллари иштирок этди. Мазкур корхоналар двигатель қисмлари, тормоз тизимлари, фильтрлар, руль механизмлари, осма тизим элементлари ҳамда бошқа автокомпонентлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Ташриф доирасида «Ўзавтосаноат» АЖ ва тизим корхоналари фаолияти бўйича тақдимот ҳам ташкил этилиб, унда саноат кооперациясини ривожлантириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда илғор технологияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Корея Республикаси автомобиль саноати корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.