Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентда Иқлим инвестициялари жамғармасининг (CIF) Саноатни декарбонизация қилиш дастури доирасида инвестиция режасини тайёрлаш бўйича уч кунлик маслаҳатлашувлар босқичи якунланди.
Миссия 15–17 сентябрь кунлари Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарлигида халқаро молия ташкилотлари ва саноат сектори вакиллари иштирокида ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси хабар берди.
Миссияда CIF Котибияти, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки, манфаатдор вазирлик ва идоралар, саноат корхоналари, молия институтлари ҳамда ривожланиш бўйича халқаро ташкилотлар — ҳамкорлар вакиллари иштирок этди.
Асосий вазифа янгиланган инвестиция режаси лойиҳасини биргаликда кўриб чиқиш, манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш ва ҳужжатни CIFга ўз вақтида тақдим этиш бўйича кейинги чора-тадбирларни келишишдан иборат бўлди.
Биринчи куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари ҳужжатнинг янгиланган лойиҳасини тақдим этди. Иштирокчилар устувор йўналишлар, инвестиция эҳтиёжлари ва имтиёзли молиялаштириш механизмларини кўриб чиқди.
Шунингдек, дастурни амалга оширишда гендер тенглиги, ижтимоий инклюзия ва адолатли ўтиш масалалари бўйича тақдимот ўтказилди. Иштирокчилар билдирилган мулоҳаза ва тавсияларни, шунингдек, уларни инвестиция режасида акс эттириш имкониятларини муҳокама қилди.
Иккинчи куни саноат корхоналари, тармоқ бирлашмалари ва молия институтлари билан муҳокамалар ўтказилди. Давра суҳбатида корхоналар ва банклар вакиллари декарбонизация лойиҳаларини амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция имкониятлари ва зарур қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича таклифларини билдирди.
Мазкур масалаларнинг инвестиция режасида қай даражада акс эттирилгани ва ҳужжатнинг қайси бўлимларини янада кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Миссиянинг сўнгги куни иштирокчилар тадбирлар давомида билдирилган таклифларни таҳлил қилди ва уларни инвестиция режасига киритиш имкониятларини белгилади.
Миссия якунлари бўйича ҳужжатни тайёрлашни якунлаш ва уни Иқлим инвестициялари жамғармасига ўз вақтида тақдим этиш бўйича кейинги қадамлар келишиб олинди.
