Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон спортчилари Aichi–Nagoya–2026 Параосиё ўйинларида учта олтин ва иккита бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақа чемпионлари сузувчилар Азизбек Бойназаров ва Мубинабону Халилова, шунингдек, пауэрлифтер Муслима Нуриддинова бўлди. Яна иккита бронза медалини Муслима Одилова ва Дмитрий Хорлин мамлакатимиз ҳисобига ёзди.
Азизбек Бойназаров парасузиш бўйича эркаклар ўртасида SM8 классида 200 метрга комплекс сузиш финалида ғалаба қозонди. У 2 дақиқа 23,87 сония натижа кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллади.
Сузиш бўйича яна бир олтин медални Мубинабону Халилова қўлга киритди.
У аёллар ўртасида S13 классида 100 метрга брасс усулида сузиш финалида 1 дақиқа 19,60 сония натижа билан маррага етиб келди.
Ушбу йўналишда Ўзбекистон вакили Муслима Одилова 1 дақиқа 30,11 сония натижа кўрсатиб, бронза медалига сазовор бўлди. Кумуш медални Япония спортчиси қўлга киритди.
Аёллар ўртасида пауэрлифтинг бўйича 61 килограммгача бўлган вазн тоифасида Муслима Нуриддинова ғолиб бўлди. У финалда 129 килограмм тошни кўтариб, барча рақибаларидан устун келди. Хитой вакили 126 килограмм натижа билан иккинчи ўринни эгаллади, Индонезия спортчиси эса 115 килограмм кўтариб, бронза медалига сазовор бўлди.
Ўзбекистонга яна бир бронза медалини сузувчи Дмитрий Хорлин келтирди.
У эркаклар ўртасида S12 классида 100 метрга орқа усулда сузиш баҳсида 1 дақиқа 5,77 сония натижа кўрсатиб, учинчи ўринни эгаллади.
