in

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқди

Тошкент, Ўзбекистон — Саудия Арабистонида ўтаётган Осиё кубогида Ўзбекистоннинг 17 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси муддатидан олдин чорак финалга йўл олди ва ноябрь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати иштирокини таъминлади.

D гуруҳидаги дастлабки учрашувда Ўзбекистон жамоаси Ҳиндистон термасини ишончли тарзда 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ҳисоб 32-дақиқада очилди. Лазиз Абдураимов пенальтидан аниқ зарба йўллаб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда Ўзбекистоннинг устунлиги ҳиндистонлик ҳимоячи Вангхема Денни Сингҳнинг автоголидан кейин янада ошди. У бурчак тўпидан узатилган тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди. Учинчи гол муаллифи Ахрорбек Равшанбеков бўлди.

Бундан аввал Австралия терма жамоаси Ҳиндистон устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Шу тариқа, Ўзбекистон ва Австралия жамоалари муддатидан олдин мусобақа чорак финалига чиқиш ҳамда U-17 жаҳон чемпионати йўлланмаларини қўлга киритишди.

13 май куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Австралия ўртасидаги ўзаро баҳс D гуруҳи ғолибини аниқлаб беради.

Дастлаб ушбу гуруҳда КХДР терма жамоаси ҳам иштирок этиши керак эди, аммо жамоа мусобақа бошланишидан аввал турнирни тарк этган.