in

Ўзбекистон фуқаролари энг кўп Қирғизистонга сафар қилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — 2026 йил январь–сентябрь ойларида 5,9 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижга сафар қилган.

Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан хорижга чиққан фуқаролар сони 132,7 минг нафарга ошган.

Энг оммабоп йўналиш Қирғизистон бўлиб, тўққиз ой давомида ушбу мамлакатга 2 716 447 нафар Ўзбекистон фуқароси борган.

Иккинчи ўринни 1 065 155 нафар фуқаро ташриф буюрган Қозоғистон эгаллади. Учинчи ўриндан эса 983 724 нафар ўзбекистонлик сафар қилган Тожикистон жой олди.

Ҳисобот даврида Россияга 281 571 нафар, Туркияга 239 376 нафар Ўзбекистон фуқароси борган. Саудия Арабистонига эса 209 112 нафар фуқаро ташриф буюрган.

Энг кўп сафар қилинган йўналишлар ўнталигидан Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Миср ва Вьетнам ҳам ўрин олди.

Ҳисобот даврида Бирлашган Араб Амирликларига 64 770 нафар, Хитойга 58 531 нафар, Мисрга 45 583 нафар, Вьетнамга эса 36 347 нафар Ўзбекистон фуқароси сафар қилган.