in

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов Ўзбекистон — Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, Acwa компанияси раҳбари Муҳаммад Абунаян билан учрашув ўтказди.

Томонлар туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб этиш ва ўзаро саёҳатчилар оқимини кўпайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Музокаралар давомида 2026 йил июнь ойида имзоланган туризм соҳасидаги Ҳаракатлар режасини амалга ошириш, шунингдек, Саудия Арабистони инвесторларининг Ўзбекистондаги туристик инфратузилма лойиҳаларида иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Туристик ҳудудларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Ўзбекистонни Саудия Арабистони бозорида тарғиб қилиш, рақамли PR-кампанияларни ўтказиш ва саудиялик сайёхларнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олган ҳолда туристик пакетларни тайёрлаш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида туристик компаниялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва виза расмийлаштириш тартибларини соддалаштириш ҳам қайд этилди.

Таклифлардан бири сифатида Ар-Риёд шаҳридаги Boulevard World мажмуасида Ўзбекистоннинг доимий павильонини ташкил этиш масаласи илгари сурилди.

Унда мамлакатнинг маданий мероси ва туристик имкониятларини намойиш этиш, шунингдек, ташриф буюрувчиларга туристик пакетларни брон қилиш ва харид қилиш имкониятини яратиш режалаштирилмоқда.

2026 йил 25–27 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси — «Ипак йўлида туризм» тадбирига тайёргарлик доирасида учрашув иштирокчилари Саудия Арабистони туристик компаниялари вакиллари ҳамда блогерлари учун танишув сафарларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқди.

Шунингдек, B2B форматида ишбилармонлик учрашувларини ўтказиш ва беш кундан етти кунгача давом этадиган туристик йўналишларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари сифатида тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш ва мавсумий чартер рейсларини йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилиши мумкин.

Томонлар Саудия Арабистонининг MICE компанияларини Ўзбекистонда халқаро конференциялар ва ишбилармонлик тадбирларини ташкил этишга жалб қилиш имкониятини ҳам муҳокама қилди.

Бундан ташқари, икки мамлакатда ўтказиладиган йирик туристик, маданий ва кўнгилочар тадбирлар тақвимларини ўзаро алмашиш муҳимлиги таъкидланди.

Саудия Арабистони инвесторларини Тошкент халқаро туризм ярмаркаси доирасида илк бор ўтказиладиган Халқаро туристик инвестициялар форумига таклиф этиш ҳам режалаштирилмоқда.

Музокаралар якунида томонлар истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишни давом эттириш ва келишилган йўналишлар бўйича иш олиб боришга келишиб олди. Бу Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда туристик алмашинувларни кенгайтиришга қаратилган.