in

Янгийўлда энергия таъминоти муаммоларини ҳал қилиш штаби тузилади

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида электр ва газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун махсус штаб тузилади. Унга энергетика вазири Шерзод Ходжаев раҳбарлик қилади, туман ҳокими Санъат Жуманиязов эса унинг ўринбосари бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёқилғи-энергетика соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишида маълум қилинди.

Янгийўл тумани жойларда энергия таъминоти ҳолатини баҳолаш учун намуна сифатида танланган. Сўнгги беш йилда бу ерда электр энергияси истеъмоли 68 млн кВт·соатдан 102 млн кВт·соатга, яъни 1,5 бараварга ошган. Шу билан бирга, 1400 километр тармоқнинг атиги 240 километри, 240 та трансформатордан эса 60 таси янгиланган.

Йил бошидан буён туманда электр энергияси йўқотишлари 30 млн кВт·соатга етган, тармоқлардаги авариялар сони эса 37 тани ташкил қилган. Электр энергияси учун дебитор қарздорлик 43 млрд сўмга етган бўлиб, шундан 9,4 млрд сўми ундирилиши имконсиз қарзлар ҳисобига тўғри келади.

Ҳисобга олиш тизимида ҳам муаммолар аниқланган. 829 та абонент ҳисоблагичи электр энергиясини автоматлаштирилган назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизими (АСКУЭ) талабларига жавоб бермайди, яна қарийб 2 мингта қурилма тизимга маълумот узатмаяпти. Шу билан бирга, жорий йилда солиқ тўламаган 48 та корхона олти ой давомида 871 минг кВт·соат электр энергияси истеъмол қилган.

Газ таъминотида ҳам вазият мураккаб. 5 мингдан ортиқ газ ҳисоблагичи биллинг тизимига маълумот узатмаяпти. Истеъмолчиларнинг газ бўйича қарздорлиги 188 млрд сўмга етган. Электр энергияси ва газ бўйича жами қарздорлик 230 млрд сўмдан ошган.

Штабга икки ҳафта ичида тумандаги барча 51 та маҳаллада аҳоли ва бизнеснинг ойлик, чораклик ва йиллик эҳтиёжларини ўрганиш топширилди. Ушбу маълумотлар асосида энергия истеъмоли баланси шакллантирилиши керак.

Шунингдек, трансформаторлар ва газ тақсимлаш пунктларини модернизация қилиш зарур бўлган участкаларни аниқлаш, эскирган ҳисоблагичларни алмаштириш ҳамда барча қурилмалардан АСКУЭ ва АСКУГ тизимларига маълумотларни узлуксиз узатишни таъминлаш зарур.

Электр энергияси ва газ йўқотишларини икки бараварга қисқартириш бўйича молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Йирик корхоналарда энергетик аудит ўтказилиб, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш учун маблағлар ажратилади.

Поликлиника, шифохона ва таълим муассасалари энергия истеъмоли даражасига қараб тоифаларга ажратилади. Кўп қаватли уйларда иситиш тизимлари диагностикадан ўтказилади, қарздорлар билан эса «кўчама-кўча» тамойили асосида иш олиб борилади.

1 октябрга қадар Янгийўл туманини электр ва газ таъминотини ташкил этиш бўйича намунавий ҳудудга айлантириш режалаштирилмоқда.

Шундан сўнг Янгийўл тажрибасидан мамлакат бўйлаб энергетика соҳасини янгилашда фойдаланиш кўзда тутилган. Вазият энг мураккаб бўлган туманларга соҳа раҳбарлари бириктирилиб, улар ҳокимлар билан биргаликда ишлайди.

Масъул шахслар аҳоли ва бизнеснинг энергия таъминоти ҳолатини ўрганиши ҳамда 2026 йил охиригача ва 2027 йил учун иш режаларини белгилаши керак. Жойларда электр энергияси ва газни ҳисобга олиш, тармоқлардаги йўқотишларни қисқартириш ва дебитор қарздорликни камайтириш имкониятлари ҳам намойиш этилади.