in

Халқаро валюта жамғармасининг техник миссияси Божхона қўмитасида иш бошлади

Тошкент, Ўзбекистон — Божхона қўмитасида Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) техник миссияси ўз ишини бошлади.

Тадбирда Божхона қўмитаси Раисининг ўринбосари Н. Мусамухамедов бошчилигидаги қўмита вакиллари ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг Фискал ишлар департаменти эксперти, миссия раҳбари Муҳаммад Эҳтешамул Ҳоқ бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Учрашувда мамлакатимиз божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, божхона аудитини ривожлантириш, рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш ҳамда Божхона қўмитасининг ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Халқаро валюта жамғармаси билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик божхона маъмуриятчилигини модернизация қилиш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш ва илғор халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.

Миссия доирасида Божхона қўмитасининг Хавфларни бошқариш, Божхона аудити, Ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизлик, Стратегик режалаштириш ҳамда божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш йўналишларидаги мутахассислари иштирокида амалий учрашувлар, муҳокамалар ва тақдимотлар ўтказилиши режалаштирилган.

2026 йил 31 июлга қадар давом этадиган мазкур техник миссия якунида Ўзбекистон божхона тизими самарадорлигини янада ошириш, хавфларни бошқариш ва божхона назоратини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.