Тошкент, Ўзбекистон — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Қатар Давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Агентлик директори Абдулла Азизов мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, халқаро GMP ва GPP стандартларини жорий этиш, дори воситаларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг тиббиёт ва фармацевтика хабига айлантириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берди.
Музокараларда геномика, биобанклар, регенератив тиббиёт, сунъий интеллект технологиялари, клиник тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, Қатарнинг етакчи университетлари, илмий марказлари ва хусусий компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, технологиялар трансфери, мутахассислар тайёрлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, тўғридан-тўғри институционал алоқаларни мустаҳкамлаш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мулоқотларни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.
